ОНА ТИЛИ—НОН КАБИ ЗАРУР!

Халқнинг ўзлигини намоён этувчи қадриятнинг асосий мезони миллий тилидир. Ҳаёт учун нон ва сув қанчалик муҳим бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топиши учун ҳам унинг тили шунчалик зарурдир. Бугун она тилимизга давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Яшнобод тумани солиқ инспекциясида “Тил миллатнинг —кўзгуси” деб номланган давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида адабиётшунос олимлар, мутасадди вакиллар ва солиқ тизимида фаолият юритаётган соҳа вакиллари иштирок этишди. Давра суҳбатини дастлаб адабиётшунос олима, филология фанлари номзоди Гулноз Сатторова бошлаб берди:—Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Зеро, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Айниқса 2019 йилда мамлакат Президентининг она тилимизни умумхалқ байрами сифатида байрам қилиши ҳақидаги фармонлари она тилимизга бўлган эътиборни давлат сиёсати даражасига кўтарди.

Тошкент шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев шундай деди:— Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги унинг она тилидир. Айнан тил воситасида одамлар бир миллат сифатида бирлашади, яъни миллий тил халқни – халқ, миллатни –миллат сифатида намоён қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий тилимизнинг ривожи, барқарорлиги, равнақи йўлида кўзга кўринарли ишлар амалга ошириляпти. Ўзлигимиз асоси бўлган она тилимиз ҳақида донишманд инсон, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ўттиз йил аввал «Тил миллатнинг бош белгисидир» — дея бонг урган, миллий тилимизнинг ҳимояси учун қалқон бўлган эди.

Шунингдек давра суҳбатида Республика солиқ Қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Гавҳар Муқаддасова, Яшнобод тумани ҳокими маслаҳатчиси Озода Бекмуродова, Яшнобод ДСИнинг биринчи ўринбосари Дилшод Тошматов ва солиқ тизимида фаолият юритаётган соҳа вакиллари иштирок этишди. Миллий тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 32 йиллиги муносабати билан уюштирилаётган байрам тантаналари мамлакатмиз бўйлаб умумхалқ байрами сифатида давом этмоқда.