САЙЁР ҚАБУЛДАН СЎНГ МУАММОЛАР ҲАЛ ҚИЛИНМОҚДА

Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов “Гўзал” маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар билан сайёр қабул ўтказди. Унда туман раҳбарига турли соҳа ва тармоқ мутасаддилари ҳамроҳлик қилишди.

Тадбирда фуқаролар турли масалалардаги мурожаатлари билан иштирок этдилар.

Сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг 17 та мурожаатлари тингланди, ундан 14 таси жойида ижобий ҳал этилди. Учта мурожаат бўйича эса тегишли чора-тадбирлар ва муддатлар белгиланди.

Эътиборлиси, аксарият фуқаролар маҳалладаги иккита кўчада истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви ҳамда канализация муаммоси кўп йиллардан бери қийнаб келаётгани юзасидан мурожаат қилишди. Сайёр қабулда мазкур муаммо ечимини топишга алоҳида аҳамият берилди.

Туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов мутасаддилар билан мурожаат бўйича жойига чиқиб, аҳволни пухта ўрганди ва унинг саъй-ҳаракати билан қисқа фурсатда тезкор амалий ишга қўл урилди. Махсус гуруҳлар тузилиб, зарур техника ва ишчилар билан таъминланди. Муаммоли икки кўчада қарийб бир километрлик масофага ичимлик суви қувурлари ётқизиш ҳамда канализация монтаж ишлари бошлаб юборилди. Бундан эса аҳоли беҳад мамнун бўлди.

Айтиш керакки, бугун ҳар бир фуқаро учун барча давлат органлари ва ташкилотларининг эшиклари очиқ. Давлат идоралари раҳбарлари фуқароларнинг мурожаатларини сокин кабинетларда эмас, балки ижтимоий жараёнлар кечаётган паллада жойига бориб, реал ҳолатни ўрганмоқда. Сайёр қабулларда туман ҳокимлари, тегишли ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг иштирок этаётгани фуқароларнинг мурожаатлари, маҳаллаларга бириктирилган ишчи гуруҳларнинг уйма-уй юриб аниқлаган муаммоларини, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни тезроқ аниқлаш ва ҳал этиш имкониятини бермоқда. Бу эса халқимиз қалбида бугунги кунидан мамнунлик, эртасига ишончни ошишига хизмат қилмоқда.

Манба: www.yashnobodnews.uz