СОҒЛОМ АВЛОД — КАМОЛОТ АСОСИ

Пойтахтимиздаги Миллий Олимпия қўмитаси анжуманлар саройида «Соғлом авлод — камолот асоси» мавзуида ёзувчи Обиддин Маҳмудовнинг “Фарзанднома” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда юртимизнинг таниқли ёзувчи ва олимлари, дин арбоблари, маҳаллалар оқсоқоллари, умидли ёшлар, санъаткорлар ва бошқалар иштирок этди. Қатнашчилар мазкур китоб юзасидан, умуман бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилиш, юксалтириш борасидан олиб борилаётган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

“Фарзанднома” китобининг эътиборга молик жиҳати, у биринчи галда ҳар бир ота-она учун ўз фарзандида гўзал одобнинг шаклланишида, устоз-мураббийлар учун баркамол авлод тарбиясида йўл-йўриқ, қўлланма вазифасини ўтайди. Шунингдек, асардан ташкилотлар раҳбарларининг ёш ходимлар муносабатларида, турли тоифадаги инсонлар билан мулоқот жараёнида ҳам самарали фойдаланиш мумкин.

Китоб бир-бирини мантиқан тўлдирадиган ва бойитадиган етти қисм — Одобнома, Фарзанднома, Панднома, Ибратнома, Ғаройиботнома, Дилнома, Саодатнома фаслларидан иборат. Дарҳақиқат, ният ва ҳаракат биргаликда амалга оширилмаса ҳаётда инсон етти қадам орқада қолади. Зеро, мақсадларга эришиш кичик-кичик қадамлардан бошланади.

Тадбирда Ўзбек миллий академик театри ижодкорлари “Фарзанднома” асаридан ўрин олган айрим ҳикояларни саҳнада таъсирчан ва жонли тарзда ижро қилиб беришди.

Миллий қадриятларимиз, фарзандлар, ота-оналар, устоз-мураббийлар ҳақидаги ажойиб қўшиқлари билан халқимиз қалбидан жой олган санъаткорлар, миллий эстрада вакиллари, Ўзбекистон халқ ҳофизларининг чиқишлари тадбирга янада жўшқинлик ва файз киритди.

Тақдимот мазмунга бой ва мароқли бўлиб, иштирокчиларнинг Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар, бунёдкорликларга нисбатан юксак ишонч ва умидворлик туйғуларини оширди.

photo 2018-02-07 11-49-42
« of 14 »

Манба: www.yashnobodnews.uz