Тилга ҳурмат — элга ҳурмат!

Мамлакатимизда миллий тилимизнинг ривожи ва равнақи, давлат тили сифатида барча жабҳаларда мустаҳкам ўрин эгаллашига катта эътибор қаратилмоқда. Шу вақтга қадар бу  борада бир қанча самарали ишлар амалга оширилиб,  халқимизга, қолаверса, тилимиз фидойилари, жонкуярлари, ва тил  мутахассисларига ҳам кенг имкониятлар яратилди.

Куни кеча Тошкент шаҳар тил масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси Акмал  Рўзитоев, Яшнобод туман ҳокимининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Озода Бекмуродова ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси  вакили билан биргаликда Яшнобод туманида жойлашган “Авиасозлар ” деҳқон бозори атрофидаги  бир қатор савдо шохобчалари, дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш уйлари ва кўча юзига илинган ҳар хил мазмундаги  реклама баннерлари, эълонлар ва пешлавҳадаги ёзувларнинг  ҳолати ва Давлат тили тўғрисидаги қонун ва  ҳужжатларга қанчалик мослиги юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.


Ўрганиш давомида  “Авиасозлар” бозори атрофидаги турли  хилдаги савдо сотиқ билан шуғулланувчи 10 нафардан ортиқ тадбиркорлар, сотувчилар  билан учрашиб, “Давлат тили ҳақидаги” Қонун ва юқорида келтирилган Фармон ва Қарорларнинг мазмун моҳияти ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб фаолият олиб бориш лозимлиги уқтирилди.  Шунингдек реклама берувчи тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг вакиллари билан мунтазам тушунтириш ишларини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Энг ачинарлиси,  давлат тили қабул қилинганлигига қарийиб 30  йилга яқин вақт ўтган бўлсада,  ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг миллий тилимизга бўлган муносабати  кишининг дилини хуфтон қиладиган даражада қониқарсиз. Ўзбекистонга илк бор келган меҳмон бўлса, асосан русча сўзлар ёзиб ёпиштирилган эшик ва деразалар, деворлардаги эълонларни кўриб, Россияга келиб қолдим, деб ўйлаши шубҳасиз.

— Нега рус тилида ёзилган? — деган саволимизга аксарият юртдошларимиз асосий харидорлар рус миллатига мансуб одамлар бўлгани учун деб жавоб беришди.

Ўзини, ота онасини, маҳалласини, миллатини ҳурмат қилган инсон ўз она тилини ҳам ҳурмат қилиши керак ва лозим.

Тилга беҳурматлик, нописандлик ўзига, ўзлигига бўлган қадрсизликдир. Ахир бу дунёда инсон фақат қорин ғами учун яшамайдику?

Кейинги ўрганиш ишларида Яшнобод  тумани ҳудудига кирувчи,  марказий кўчалардаги ташқи рекламалар, эълонлар, пешлавҳалар, тўйхона ва кафеларнинг номлари ҳам кўриб чиқилиши режага киритилган.

Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси тузилмасидаги “Архитектура-режалаштириш бюроси” ДУК билан ўрнатилган ҳамкорликка асосан, Тошкент шаҳрида реклама агентликлари, реклама шитлари ва экранлари сони, уларнинг ҳолати юзасидан мулоқот олиб борилади ва ҳамда келгусидаги ҳамкорлик режалари келишиб олинади.

Яшнобод  туман ҳокимлиги Матбуот  хизмати