ТУМАН ҲОКИМИ “ЯШНОБОД” ФУТБОЛЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Хабарингиз бор, футбол бўйича Ўзбекистон XXVIII миллий чемпионати ПРО лигаси “дебютанти” — “Яшнобод” жамоаси аъзолари бу йилги мавсумда мамлакат миқёсидаги мусобақаларда туманимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Чемпионат учрашувларида муносиб тўп сураётган яшнободликлар Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам мухлислар эътиборига тушиб улгурди. ПРО лига вакилларидан фақатгина “Яшнобод” мусобақада супер лига клубларига қарши чинакам чиройли футбол намойиш этган жамоа сифатида тилга тушди. Жумладан, мураббий Азизжон Файзиев шогирдлари дастлабки босқичларда Тошкентнинг “Чиғатой” (1:0), Бухоронинг “Ғиждувон” (3:1), Самарқанднинг “Динамо” (3:2) футболчиларини енгиб мусобақадан чиқариб юборишга муваффақ бўлишди.

Қуръага кўра, Ўзбекистон кубоги 1/8 финалида яшнободликлар мамлакатнинг амалдаги вице-чемпионати, супер лиганинг бу йилги пешқадами “Пахтакор” вакиллари тўсиғини енгиши лозим эди. Учрашувга пухта ҳозирлик кўрилди. Ўйин олдидан Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов стадионнинг кийиниш хонасида мураббий ва футболчилар билан учрашди ҳамда уларга омад тилади.

Учрашув тафсилотлари ҳақида қисқача тўхталамиз. Марказий “Пахтакор” стадионида кечган шиддатли баҳснинг дастлабки дақиқаларида бош ҳакам яшнободликлар дарвозасига пенальти белгилади — 0:1. Эътиборлиси, таркибини асосан 20-21 ёшли футболчилар ташкил этувчи “Яшнобод” жамоаси бундан руҳан тушкунликка тушмади. Учрашувнинг 70-дақиқасигача шу ҳисоб сақланиб турди. Аммо қолган 20 дақиқада барибир тажриба ўз сўзини айтди. Якунда ҳисоб 0:5 кўринишини олган бўлса-да, “Пахтакор”дек жамоага қарши кечган баҳс “Яшнобод” футболчилари учун ўзига хос катта маҳорат дарси вазифасини ўтаб берди.

— Жамоамиз ёш ва дебютант ҳисобланади, — деди учрашувдан сўнг яшнободликлар бош мураббийи Азизжон Файзиев. — Яхши ўйин бўлди деб ҳисоблайман. Чиройли ўйин учун шогирдларимга раҳмат айтаман. Бугунги натижага жисмоний тайёргарлигимиз эмас, бироз тажрибамиз етишмагани сабаб бўлди деб ўйлайман. Энди бу футбол ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ўз навбатида бизни ҳар жабҳада қўллаб қувватлаётган туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ҳамда барча хомийларимизга миннатдорчилик билдираман. Энди бор эътиборимизни чемпионат учрашувларига қаратиб, кўпроқ ғалабаларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Манба: www.yashnobodnews.uz