ЯШНОБОДЛИКЛАР — ЯРИМ ФИНАЛДА!

Хабарингиз бор, шу кунларда пойтахтимизнинг Миробод туманида мини футбол бўйича Тошкент шаҳар ҳокими кубоги баҳслари қизғин давом этмоқда.

Дастлабки учрашувда Яшнобод туман ҳокимлиги жамоаси шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси вакилларини (6:2) мағлубиятга учратган эди.

Қуръага кўра, яшнободликлар навбатдаги ўйинда шаҳар ҳокимлиги Юридик бошқармага қарши майдонга тушиши лозим эди. Бироқ, рақиб ўйинга келмаганлиги боис, яшнободликлар фойдасига техник ғалаба ёзилди ва чорак финалга йўлланма олди.

Ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Яшнобод туман ҳокимлиги вакиллари Тошшаҳартрансхизмат жамоаси билан рўбарў келди. Унда яшнободликлар йирик — 8:2 ҳисобида зафар қучиб кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мазкур ўйинда Яшнобод туман ҳокимлиги жамоа сардори, 7-рақамли либосда тўп сурган Бобур Рустамов “покер” муаллифи бўлиб, рақиблари дарвозасини тўрт маротаба аниқ нишонга олди.

Энди қуръага кўра, яшнободликлар финал йўлланмаси учун Тошшаҳарнур футболчилари билан куч синашади. Мазкур ўйин 10 ноябрь куни соат 9.00 да бошланади.

Манба: www.yashnobodnews.uz