Яшнобод туманида ёшлар билан учрашув

Ёшлар – бизнинг келажагимиз. Улар билим олиши, ҳунар ўрганиши ва хаётда ўз ўрнини топиши учун мамлакатимизда етарли шароитлар муҳайё қилинган.Бугун “Ишга марҳамат” мономарказида янги ташкил этилган Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш марказининг дастлабки йиғилиши ўтказилиб, унда Яшнобод туманидаги барча тўртта сектор раҳбарлари 100дан ортиқ ёшлар билан суҳбат уюштиришди.

Суҳбат давомида ёшларни ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.Ёшлардан бир гуруҳи “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган  ўқув курсларида ҳунар ўрганиш истагини билдиришди. Ўқиш билан боғлиқ барча ҳаражатлар “Ёшлар дафтари”га кирган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш марказининг дастлабки иш кунида ёшлар сектор раҳбарларидан тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ёрдам кўрсатишларини сўрашди.Уларга бу борада мутасадди ташкилотлар томонидан зарур маслаҳатлар ва тавсиялар берилди.  Шунингдек, шу куни тадбирга келганлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил қилинди. Яшнобод туман ёшлари ва сектор раҳбарлари ўртасидаги учрашувларни хафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари анъанавий ўтказишга келишиб олинди.