ҲОКИМ МАКТАБ ЎҚУВЧИСИНИ МЕТРО ҚУРИЛИШИГА ТАКЛИФ ҚИЛДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов 61-сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрди.

Мактабда 10-синф ўқувчилари туман раҳбарини илиқ қарши олдилар. Ташриф чоғида Хожиакбар Камолиддинович имкониятдан фойдаланиб, “Маънавият соати”дан ўқувчиларга дарс ўтди.

Самимий ва очиқ мулоқот руҳида кечган дарсда ўқувчилар бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларга яратилаётган шарт-шароитлар, жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар, замонавий таълим борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ўзларини қизиқтираётган кўплаб саволларга жавоб олишди.

 

Эътиборлиси, мазкур мактаб ўқувчиларидан бири Жавлон Мирвоҳидовнинг интилувчан ва қизиқувчанлиги туман ҳокимининг диққатини тортди. Келгусида ўз олдига Мустақил Ватанимиз темирйўл соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилган бу ўқувчи билан ўзаро мулоқот қизғин бўлди. Натижада туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов 10-синф ўқувчиси Жавлон Мирвоҳидовни дарсдан сўнг яқин кунларда Яшнобод туманида барпо этилаётган ерусти метро йўли қурилишини ўзи билан биргаликда бориб кўришга таклиф қилди.

Бир сўз билан айтганда, кўзлари ёниб қалбидан ўт чақнаб турган бу йигит-қизларнинг ҳар бир таклиф ва мулоҳазалари туман раҳбари эътиборини ўзига жалб этди.

Шунингдек, дарсдан сўнг, Хожиакбар Тиллашайхов мактаб директори Гулнора Исломова ҳамроҳлигида таълим даргоҳида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Таълим сифатини янада яхшилаш борасида зарур бўлган чора-тадбирларни ўз ён дафтарчасига қайд қилди ва шу ернинг ўзидан туриб мутасаддиларга қўнғироқ қилди. Ҳоким мавжуд камчиликларни бартараф этиш юмушларини ўз назоратига олганлигини мактаб маъмуриятига билдириб ўтди.

Манба: www.yashnobodnews.uz