Аёллар дафтари шакллантирилмоқда

Ўзбекистонда ҳозирги кунда «Аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг 3-босқичи бошланди. Яшнобод туманидаги 66 та маҳаллада ҳам бу йўналишдаги ишлар қизғин кетмоқда.

Таъкидланишича, «аёллар дафтари»нинг 3-босқичида аёлларнинг муаммолари қайтадан ўрганилади. Бунда ҳеч бир ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз четда қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор берилади.

«Аёллар дафтари»нинг 3-босқичида қуйидаги хотин-қизлар «аёллар дафтари»га киритилмайди:

  • «темир дафтар»га киритилган оилалардаги хотин-қизлар ва фарзанди «ёшлар дафтари»га киритилган аёллар;
  • «аёллар дафтари»нинг 1- ва 2-босқичларида 1-тоифа бўйича рўйхатга олинган ҳамда доимий иш ўрни билан таъминланган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар.

2022 йилда «аёллар дафтари» билан ишлаш тизими бўйича мавжуд қонунчилик ҳужжатларида қуйидаги муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан:

  • ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдамлар «аёллар дафтари»нинг қайси тоифасига киритилишидан қатъи назар, барча хотин-қизларга кўрсатилади;
  • «аёллар дафтари»га киритиладиган хотин-қизларнинг эҳтиёжмандлик даражаси, яъни рўйхатга олиниши тоифалари сони ўзаро мувофиқлаштирилиши натижасида олдинги 9 тадан 6 тага камайтирилди.

«‘Аёллар дафтари’ни юритиш ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш бўйича аниқ ва мақсадли тизим яратилишига асос бўлади.

Шу мақсадда отин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича Ўзбекистонни халқаро индексларда юқори кўрсаткичларга эришишига олиб чиқиш мақсадида «аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида бўйича ҳуқуқий-норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — дейди Саодат Боймирзаева.

Лойиҳага мувофиқ, 2022 йилда «аёллар дафтари»га хотин-қизлар қуйидаги 6 та тоифа бўйича рўйхатга олиниши режалаштирилмоқда:

  • 1-тоифа: Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар. Бунда бандлиги таъминланмаган, аммо ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади;
  • 2-тоифа: Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади;
  • 3-тоифа: Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда боқувчиси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ёхуд руҳий касалликка чалинган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, боқувчиси бедарак йўқолган ҳамда никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда ФҲДЁ органларининг маълумотномасига кўра ёлғиз аёллар киритилади;
  • 4-тоифа: Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар. Бунда меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизлар киритилади;
  • 5-тоифа: Уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий турар жойи йўқ ёки турар жойида яшаш учун шароити бўлмаган, шунингдек, бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила бўлиб яшаётган, бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади;
  • 6-тоифа: Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда ногиронлиги бўлган фарзандини парваришлаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

Қайд этилишича, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилалардаги хотин-қизлар ҳам «аёллар дафтари»га киритилиши мумкин. «Аёллар дафтари»нинг 3-босқичи рўйхатига киритиладиган эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш ишлари 10 февралда якунланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда камбағал аҳолига ёрдамни фақат ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали тақдим этиш режалаштирилаётгани, Қашқадарёда «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари», «темир дафтар»даги фуқароларга бир йилда 83 млрд сўмлик ёрдам берилгани тўғрисида хабар берилганди.