БИРОРТА МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев сайёр қабул ўтказди.

Унда тумани секторлари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, мазкур туман фуқаролари иштирок этди.

— Мен ўтган йили Тошкент Геодезия ва картография касб-ҳунар коллежини тамомладим, — дейди Робия Раимжонова. — Тумандаги Мухтор Ашрафий маҳалласида яшайман. Оиламизнинг ижтимоий аҳволи оғир. Сайёр қабулга ўзимга муносиб иш топишда ёрдам беришларини сўраб келдим. Мурожаатим эътиборсиз қолмаганидан жуда хурсандман. Мени туман Ер ресурслари ва кадастр бўлимидан иш билан таъминлайдиган бўлишди. Шунингдек, сайёр қабулда биз оилада тўрт киши бир хонали уйда яшаб келаётганлигимиз ҳақида ўз арзимни айтдим. Бу муаммо ҳам туман ҳокимлиги томонидан тез орада ижобий ҳал қилинишини билдиришди.

Сайёр қабулда ўн олти нафар фуқаронинг мурожаати тингланди ва уларнинг деярли барчаси ўзининг ижобий ечимини топди. Жумладан, фуқаро Муҳаббат Қосимовага ногиронлик аравачаси ажратилган бўлса, Валентина Полякованинг биометрик паспортини  расмийлаштиришда юзага келган муаммоси жойида ҳал этилди.

Бу каби ижобий ҳал этилган масалаларни кўплаб келтириш мумкин. Албатта, узоқ вақтдан ҳал бўлмай келаётган масалаларнинг ҳаммасига бир сайёр қабулда ўз ечимини топиши имконсиз. Энг муҳими, улар эътиборга, аниқроғи, назоратга олинди. Муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга муддати кўрсатилган ҳолда кўрсатма ва топшириқлар берилди.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz