“ГИМНАСТРАДА” СПОРТ ФЕСТИВАЛИДА БАРЧА ҒОЛИБ БЎЛДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 93-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида қизалоқлар ўртасида “Гимнастрада” спорт фестивалининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ва мактабгача таълим бўлими ҳамкорлигида уюштирилган спорт байрамида олтита жамоа иштирок этди. Унда қатнашган “Келажак юлдузлари” (86-МТТ), “Ғунча” (92-МТТ), “Қалдирғоч” (93-МТТ), “Нурафшон” (149-МТТ), “Билимдон” (373-МТТ), “Ҳумо” (425-МТТ), “Олимп” (454-МТТ) жамоалари аъзолари ўзига хос бежирим ва нафосатли либосларда чиқишларини намойиш этишди.

Танлов якунида “Нафосат маликалари”, “Аҳил жамоа”, “Чиройли техникаси учун”, “Энг гўзал композицияси учун”, “Фаоллиги учун”, “Шижоатли жамоа” сингари турли номинациялар бўйича ғолиб жамоалар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди. Муҳими, ўзига хос спорт байрамида ҳеч ким эътибордан четда қолмади, барча совғалар билан сийланди.

Манба: www.yashnobodnews.uz