ЖАВОБСИЗ САККИЗТА ГОЛ

Футбол бўйича Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лига жамоалари ўн тўртинчи тур доирасида навбатдаги учрашувларни ўтказишди.

Туманимизнинг “Яшнобод” футболчилари мазкур турда сафарда “Старт” жамоаси меҳмони бўлди. Ушбу ўйинда жамоа бош мураббийи Азиз Файзиев бир қатор етакчи футболчиларга дам беришни маъқул топди. Жумладан, “Старт” жамоасига қарши баҳсда Азамат Бойматов, Аббос Омонов, Фирдавс Кенжаев, Расул Раҳмонбердиев каби тажрибали ўйинчилар таркибга киритилмади.

Шунга қарамай, яшнободликлар майдонда уюшқоқлик билан тўп сурдилар.

Гарчи, ўйиннинг биринчи бўлимида мезбонлар дарвозаси атиги икки бор ишғол этилган бўлса-да, танаффусдан кейин “Яшнобод” футболчилари рақибини яна олти маротаба ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур қилишди. Якуний ҳисоб — 0:8!

Шундай қилиб, ўз ҳисобидаги очколар сонини 34 тага етказган яшнободликлар чемпионат жадвалидаги пешқадамлик мавқеи мустаҳкамлаб олишди. Ўн учрашувдан сўнг, яшнободликлар ҳисобида 11 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият бор. Тўплар нисбати — 49-5, яшнободликлар фойдасига.

Тақвимга кўра, навбатдаги тур баҳслари 25 сентябрь куни бўлиб ўтади. Шу куни “Яшнобод” футболчилари ўз майдонида “Локомотив-2” жамоасини қабул қилади. Учрашув “Обод” стадионида соат 16.00 да бошланади.

Манба: www.yashnobodnews.uz