ИҒВОГАРЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ БОР!

Шу йил 27 июнь куни соат 12.38 да Фейсбук ижтимоий тармоғининг “Халқ овози/Голос народа” саҳифасида Анвар Мирзо тахаллусидаги муаллиф пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган “Тошкент механика заводи” АЖнинг ишчи-хизматчилари мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги хусусида “бонг” урганди.

Яшнобод туман ҳокимлиги матбуот хизмати вазият ўрганар экан, мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай мажбурий меҳнат аломатларини топа олмади. Халқимизда “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган нақл бор. Саранжом-саришта, озода масканда барака бўлади.

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, улкан бунёдкорликларнинг устидан чиқишингиз табиий. Жумладан, Яшнобод туманида ҳам талайгина истиқболли лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти. Янги корхоналар, кўплаб турар-жойлар қад ростламоқда. Босқичма-босқич йўлларга асфальт ётқизилиб, хиёбонлар ободонлаштирилмоқда. Бунда нафақат туман ободонлаштириш идораси хизматчилари, балки барча корхона, маҳалла-кўй фаол иштирок этишга интилишмоқда.

Бир неча кун муқаддам тумандаги йирик корхоналардан бири “Тошкент механика заводи” АЖда ҳам кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига қўл урилди. Бу ҳақда корхонанинг умумий ва ижтимоий масалалар бўйича директори Акрам Саидовнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Корхонамизнинг умумий ер майдони 141 гектарни ташкил этади, — дейди Акрам Саидов. — Завод ва унинг чор-атрофи озодалигини сақлаш учун бизда хўжалик ишлари бўйича махсус бўлим фаолият кўрсатади. Бўлимда 40 нафардан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Улар учун йилнинг тўрт фаслида ҳам етарлича иш топилади. Жумладан, охирги бир ҳафта мобайнида бу хизматчилар кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари билан машғул бўлишди. Юртимиз табиати барчага яхши маълум. Ёз жазирамасида кундузи 40-45 даража иссиқ бўлганлиги туфайли бўлим раҳбари Шуҳрат Зокиров ишчиларнинг таклифини инобатга олиб, ишларни кундузи эмас, аксинча эрталаб соат 11.00 гача ва кечки 19.00 дан 21.00 гача ташкил этди. Дарахтларга шакл бериш, майсаларни тартибга келтириш юмушлари асосан замонавий техникалар ёрдамида амалга оширилди. Корхона томонидан ишчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус кийим-кечаклар, етарли миқдорда чанқовбосди ичимлик сувлари етказиб берилди. Муҳими, бу каби юмушларга корхонанинг бошқа цехларидан ҳеч ким жалб этилгани йўқ. Ишлаб-чиқариш бўлимларида иш бир маромда давом эттирилди.

Шу ўринда бир савол туғилади: муаллиф Анвар Мирзо ўз чиқиши билан нимага эришмоқчи?! Ижтимоий тармоқда у аравани қуруқ олиб қочгандан кўра, мазкур ҳудудга ташриф буюрса, ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашса бўлардику?! Қолаверса, бу ҳудудга тегишли бўлмаган фотолавҳаларни мазкур “иғво”га тиркашдан не фойда?! Ҳар ишда меёр бўлгани каби ИҒВОГАРЛИКНИНГ ҲАМ ЧЕГАРАСИ БОР! Зеро, юртимизда давлатимиз раҳбари бошлаб берган кўплаб хайрли ишларга сизнинг нафингиз тегмас экан, ҳеч бўлмаса халақит ҳам қилмасангиз яхши бўларди!!!

 

Манба: www.yashnobodnews.uz