“КУЗ — 2019” СПОРТ БАЙРАМИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 52-сонли ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатида “Куз — 2019” спорт байрами бўлиб ўтди.

— Таълим муассасамизда 195 нафар ўқил-қиз таҳсил олмоқда, — дейди мактаб директори Раъно Ҳамроалиева. — Гарчи, мактабимиз жисмоний имконияти чекланган ўқувчиларга ихтисослаштирилган бўлса-да, уларнинг бошқалардан кам бўлмасдан замонавий ва сифатли таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Болажонларимизнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ахборот ресурс марказимиз, спорт майдончаси ва заллари улар ихтиёрига бериб қўйилган. Ўқувчиларимиз орасида халқаро мусобақаларда муносиб қатнашиб, ғолиб ва совриндор бўлиб келаётганлар талайгина.

Тадбирда мактабнинг барча ўқитувчи ва ўқувчилари фаол иштирок этишди. Унда иштирокчилар жисмоний тарбия ва спорт бўйича бир қатор чиқишларини намойиш қилдилар.

Спорт байрамига Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Анвар Мурсақулов ҳам ташриф буюрди. У мактаб жамоасини спорт байрами ва яқинлашиб келаётган 1 октябрь — устоз ва мураббийлар куни билан табриклади ҳамда ўқувчиларга совғалар топширди.

Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур тадбирга янада файз киритди ва  йиғилганларда катта тассурот қолдирди.

Манба: www.yashnobodnews.uz