“Кунлик ишчилар маркази” фаолият бошлади

Жамиятимиздаги айрим муаммоли масалалардаги атамалар ўз ечимини топгач аҳамиятини йўқота бошлайди. Вазирлар Маҳкамасининг “Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори ҳам “мардикор” атамасидан воз кечиш йўлидаги улкан қадам бўлди.

Жумладан, ушбу қарорда жойларда иш билан таъминлаш марказлари барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада пойтахтимизнинг Яшнобод туман ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида аёллар учун “Кунлик ишчилар маркази” фаолияти йўлга қўйилди.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этишди.

“Кунлик ишчилар маркази”да иш излаб келган аёллар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, кичик кутубхона, хусусан арзонлаштирилган овқатланиш шаҳобчаси, асбоб-ускуналарни ижарага бериш тизими ва маданий ҳордиқ чиқариш учун бошқа имкониятлар яратилган.

Ушбу марказ келгусида юртимизнинг турли ҳудудларидан ишлаш истагида келган аёлларнинг муаммоларини ҳал этишга ва уларнинг вақтинча бандлигини таъминлашга хизмат қилишига ишонамиз!

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

Манба: www.yashnobodnews.uz