САЙЁР ҚАБУЛ АҲОЛИ УЧУН ФОЙДАЛИ БЎЛДИ

Юртимизда аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўрилмоқда. 

Жумладан, куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманида Тошкент шаҳар прокурори Ш.Облоқулов раҳбарлигида ўтказилган оммавий сайёр қабулда ҳам алоҳини қийнаб келаётган муаммолар таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Тумандаги Яшнобод темирйўл касб-ҳунар коллежида ўтган тадбирда шаҳар прокурроридан ташқари, мавжуд тўртта сектор раҳбарлари, шунингдек, турли давлат идора ва корхоналарнинг етакчи мутахассислари аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.

Яшнобод туманида 276 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан 98 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этади. Улар орасида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасидан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлар талайгина. Аммо туманда ишсиз юрганлар ҳам йўқ эмас.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Кристина Лаврова Тошкент шаҳар прокурорининг навбатдаги сайёр қабули Яшнобод туманида ташкил этилганидан фойдаланиб иш сўраб келди. Унинг мурожаати жойида қаноатлантирилиб, тумандаги 227-мактабгача таълим муассасасига ошпаз бўлиб ишга кирди. Худди шу боғчада Ирода Амирова логопед сифатида иш бошлайдиган бўлди.

Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчаси, 15/1-уйда яшаган Гулчеҳра Жўраеванинг уйи бузилишга тушган, аммо унга ўзи истаган ҳудуддан уй олиб берилмаётган эди. Унинг аризаси ҳам қаноатлантирилиб, Г.Жўраевага 3 хонали уй ва 2 хонали уйнинг пули ундириб берилди.

Фуқаро Насиба Абдураззоқованинг набираси 559-мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйилди.

– Ташкил этилган сайёр қабулда нафақат туман, балки Тошкент шаҳрининг бошқа ҳудудларидан ҳам фуқаролар ўз мурожаатлари билан келди, – дейди Яшнобод тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси Олимжон Азимов. – Сайёр қабулда тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда 115 нафар фуқаронинг мурожаати рўйхатдан ўтказилди. Уй-жой, коммунал, суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига оид ва бошқа ижтимоий, иқтисодий, маиший масалаларда қилинган мурожаатлар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 30-40 фоизи жойида ижобий ҳал этилди, қолгани эса мутасаддилар томонидан ўрганиб чиқилади.

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлашга оид бўлди.

Сайёр қабулда фуқаролар мурожаати атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Муддат талаб қиладиган масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Хуршид Қодиров, ЎзА

Манба: www.yashnobodnews.uz