“СЕМУРҒ” — ЗАМОНАВИЙ МАҲАЛЛА ГУЗАРИ

Яшнобод туманидаги “Семурғ” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий маҳалла гузари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Яшнобод туманида ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими томонидан маҳаллалар фаолияти ўрганилиб, фуқаролар йиғинлари ходимлари учун муносиб меҳнат шароити яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

– “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси кўмагида маҳалладошларимиз кучи билан маҳалла учун замонавий янги бино қуриб олдик, – дейди “Семурғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурмуҳаммад Нурматов. – Бинода барча замонавий шароитлар яратилди, мебель ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозланди. Маҳалламиздаги бу каби бунёдкорликлар шу билан тўхтаб қолмайди. Шундоқ маҳалламиз идораси ёнида маҳалладошларимиз учун замонавий болалар кўнгилочар маркази, тикув-бичиш цехи, сартарошхона ва бошқа маиший қулайликларни ўзида жамлаган яна бир кўркам бино барпо этиш ишлари бошлаб юборилган.

Янги замонавий гузардаги қулай ва шинам иш кабинетлари, мажлислар зали, кутубхона, нуронийлар хонаси, туман Кенгаши депутати хонаси каби қулайликлар маҳалла фаоллари, хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси вакили, профилактика нозири, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш имконини беради.

Манба: www.yashnobodnews.uz