“ТАШАББУС — 2018” КЎРИК-ТАНЛОВИ ТУМАН БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ

Пойтахтимизнинг “Янгиобод” тўйхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2018” кўрик-танловининг Яшнобод туман босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси шаҳар ва туман бўлимлари томонидан «Ҳунарманд» уюшмаси, туман ҳокимлиги ва бошқа бир қатор идоралар кўмагида ташкил этилди.

Бугунги кунда Яшнобод туманида юзлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.

Танлов доирасида иштирокчилар маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Иқтисодиёт ва саноатнинг турли йўналишлари учун мўлжалланган хилма-хил товар ва буюмлар, миллий ҳунармандчилигимизнинг бой мероси иштирокчилар, кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда автомобиллар эҳтиёт қисмлари, қурилиш материаллари, маиший жиҳозлар, мебель, тўқимачилик, гигиена ва косметика маҳсулотлари, электр двигателлар, пластик ўйинчоқлар, ёғоч ва мисдан тайёрланган идишлар, телевизорлар, ипак, пергамент ва терига солинган расмлар намойиш этилди.

«Ташаббус – 2018» танловининг туман босқичи «Йилнинг энг яхши тадбиркори» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди», шунингдек, «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», «Энг яхши тадбиркор аёл», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшлар учун энг кўп иш ўрни ташкил қилган тадбиркор» ва бошқа қўшимча номинациялар бўйича ўтказилди. Корхоналарда янги иш ўринлари яратиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш танловнинг асосий мезони бўлди. Айниқса, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

— Танловда аёллар учун янги туркумдаги либослар билан иштирок этиб, “Аҳолига намунали хизмат кўрсатиш” йўналишида ғолибликни қўлга киритганимиздан беҳад хурсандмиз, — дейди IMRONBEK UNIVERSAL STIL OK корхонаси менежери Раъно Файзиева. — Энди қизларимиз билан кўрик-танловнинг шаҳар босқичида туманимиз шарафини ҳимоя қиламиз. Бугунги эътироф жамоамиз аъзоларини янада кўпроқ изланишга, янги ижод намуналари яратишга ундаши табиий.

TOP SMART LINE корхонаси раҳбари Саидазиз Саиднуриддинов “Энг яхши ёш тадбиркор” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Корхона ишчилари томонидан тайёрланаётган пойабзал маҳсулотлари ўзининг сифати ва бежиримлиги билан хорижникидан асло қолишмайди. Келгусида мазкур корхона ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Эътиборлиси, бу ерда фаолият кўрсатаётган ишчи-хизматчиларнинг асосини коллежларни тамомлаган ёш йигит-қизлар ташкил этади.

Ғолиблар кўрик-танловнинг шаҳар босқичига йўлланмаларни қўлга киритишди.

Тантана якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

 

 

 

 

Манба: www.yashnobodnews.uz