ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

Кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлигининг бошқарув тизими такомиллаштирилди, асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиш ҳам соҳани янада ривожлантириш ва таълим самарадорлигини ошириш вазифаларга бағишланди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, ўрта мактаблар раҳбарлари, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессор ва ўқитувчилари иштирок этди.

— Кейинги йилларда ўқувчи-ёшларимиз орасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда, — деди туман ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаров. — Бу борада халқ таълими бўлими, жумладан, туманимиздаги мавжуд мактаблар ўқитувчи ва мутахассислари билан Тошкент давлат шарқшунослик институти ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиздир. Маълумки, бугунги кунда мазкур олий ўқув юртида жаҳоннинг ўн тўрт тилини пухта ўргатиш, малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Шуни ҳисобга олган ҳолда ушбу институт туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлимлари ўртасида ҳамкорлик битимини имзоланмоқда. Бундан кўзланган мақсад ўрта мактабларимизда фаолият кўрсатаётган устоз ва мураббийларнинг малакасини ошириш, таълим сифатини яхшилаш ва бевосита олий ўқув юрти билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Битимга кўра, энди ТДШИ профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан соҳага оид янгиликлар, таълимни ривожлантириш истиқболлари, таълим мазмунини такомиллаштириш, таълим-фан интеграцияси, илмий тадқиқот ишларини янги босқичга олиб чиқиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш юзасидан Яшнобод туманидаги мавжуд 29 та ўрта ва 3 та ихтисослаштирилган мактабларда доимий учрашувлар ўтказиб бориладиган бўлди.

Тадбир давомида мутахасислар ўзаро фикр алмашиб, келгуси режалар хусусида ўртоқлашдилар.

Манба: www.yashnobodnews.uz