ТОШКЕНТ ШАҲАР ПРОКУРОРИ САЙЁР ҚАБУЛИДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани 2-сектор штабида Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Унда нафақат яшнободликлар, балки шаҳримизнинг бошқа туманларидан келган фуқаролар ҳам турли масалалардаги мурожаатлари билан иштирок этишди.

Аҳоли мурожаатларининг аксарият қисмини уй-жой масаласи, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишларнинг кўрилиши ҳамда суд қарорларининг ижроси, банк-молия масалалари, меҳнат ва бандлик, фуқаролик, паспорт олиш каби масалалар қамраб олган.

Сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг 47 та мурожаатлар эшитилиб, ундан 24 таси жойида ижобий ҳал этилди. 23 та мурожаат бўйича эса тегишли чора-тадбирлар ва муддатлар белгиланди.

— Биз яшайдиган мавзеда шаҳарсозлик меъёрларига мутлақо тўғри келмайдиган иморат қурилиши бошланганди, — дейди фуқаро Лола Тожибоева. — Буни олдини олиш мақсадида шаҳар прокуратурасига ёзма мурожаат қилгандик. Натижада қисқа фурсатда бу қурилишнинг олди олинди. Қўни-қўшниларимиз шикояти ўринли, деб топилди. Бунинг учун мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўз навбатида сайёр қабул чоғида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож айрим фуқароларга даволаниш учун бепул йўлланмалар, хомийлар томонидан эса ногиронлик аравачаси, зарур дори-дармонлар топширилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz