ХОЛИСЛИК ҚАЕРДА ҚОЛДИ? Ёхуд Fergana.ruнинг мақсади нима?

Шу йилнинг 9 апрелида Fergana.ru ахборот агентлиги жимжимадор сатрлар билан ўз саҳифасида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида аҳолига тарқатилаётган пиёз ва унинг бадбўй ҳидидан аҳоли азият чекаётганлигини тилга олибди.

Агентликнинг билдиришича, Fergana.ruнинг халқ мухбири ҳолат билан яқиндан танишиб, фотолавҳа берганмиш.

Туман ҳокимлиги Матбуот хизмати вазиятни чуқурроқ ўрганар экан, бу ҳолат қуруқ сафсатадан бошқа эмаслиги ойдинлашди. Жумладан, фотолавҳада келтирилган ҳолат туманнинг “Парвоз” маҳалласида тасвирга олинган. Аммо бу ерда келтирилган пиёз кунлаб қолиб кетмаган ва атрофга ҳеч қандай бадбўй ҳид тарқатмаган.

— Шаҳар ҳокимлиги қарорига мувофиқ, туман “Маҳалла” жамғармаси томонидан маҳалламизнинг кам таъминланган оилаларига пиёз текин тарқатилди, — дейди “Парвоз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Анвар Чўллиев. — Нафақат бизнинг, балки қўшни “Дилбоғ”, “Илтифот”, “Хосиятлик”, “Янгинур” маҳаллалари оқсоқоллари билан келишилган ҳолда бешта маҳалла учун ажратилган 33 тонна пиёз бир жойга жамланиб, сўнгра аҳолига тарқатилди. Ҳозир айни баҳор фасли. Юртимизда уйғониш, экин-тикин маҳсулотлари қатори пиёз ҳам кўкара бошлагани сир эмас. Аҳоли ихтиёрий равишда пиёзни саралаб олишди. Ҳеч ким мажбурлангани йўқ. Жумладан, “Парвоз” маҳалласида ҳозирда ўн мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг эҳтиёжига қараб, 9 тонна пиёз тарқатдик. Пиёз аҳолига тарқатиб бўлинганидан сўнг, келтирилган маҳсулот ўрни ободонлаштириш корхонаси ишчи-хизматчилари томонидан супуриб тозалаб қўйилди.


Туман ҳокимлиги масъул ходими айнан воқеа жойини тасвирга олар экан, пиёз тарқатилган ҳудуд тозалиги унинг диққатини тортди. Хўш, шу ўринда савол туғилади: Бу каби ахборот тарқатишдан Fergana.ruнинг мақсади нима? Агентлик туманда амалга оширилаётган кўплаб ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларидан наҳот кўз юмса? Холислик қаерда қолди?! Агентликнинг ўша ХАЛҚ МУХБИРЛАРИ аслида нималарни исташмоқда.

Манба: www.yashnobodnews.uz