ХОТИРА — АБАДИЙ, ЖАСОРАТ — МАНГУ!

Шу кунларда юртимизнинг турли гўшаларида 9-май — Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Жумладан, ушбу сана муносабати билан пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги таълим масканларида ҳам байрам тадбирлари қизғин давом этмоқда.

Куни кеча тумандаги 212-сонли умумтаълим мактабида ўтган байрамда ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, нуроний отахон ва онахонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Халқ депутатлари туман Кенгаши аъзолари, ёшлар иштирок этган тадбирда кексаларни эъзозлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият экани, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камолга етказишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фахрийлари, байналмилалчи жангчилар ва ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви ташкил этилди. Унда фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.

Байрам давомида уруш воқеалари акс этган театрлаштирилган томошалар, мактаб ўқувчиларининг бадиий чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz