“ЯШНОБОД” СУПЕР ЛИГА ВАКИЛИ “ЛОКОМОТИВ” БИЛАН ЎЙНАДИ

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этаётгани муносабати билан супер лигада танаффус юзага келди. Бундан эса айрим жамоалар унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди.
Жумладан, чемпионат етакчиларидан бири Тошкентнинг “Локомотив” футболчилари “В” ПРО лига вакили “Яшнобод” жамоаси билан назорат учрашуви ўтказди.
Пойтахт вилоятининг “Дўстлик” стадионида кечган баҳсда бош мураббий Самвел Бабаян яшнободликларга қарши терма жамоага чақирилган беш футболчидан ташқари, барча ўйинчиларни синовдан ўтказди. Қизиқарли ва муросасиз кечган ўйинда тажриба барибир ўз сўзини айтди. Унда темирйўлчилар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Мазкур учрашув “Яшнобод” жамоаси учун 10 сентябрь куни миллий чемпионат доирасида “Локомотив-БФК” билан бўладиган ўйин олдидан муҳим аҳамият касб этди. Бош мураббий Азизжон Файзиев ўз шогирдлари имкониятини яна бир бор кўрикдан ўтказиб олишга муваффақ бўлди.

Манба: www.yashnobodnews.uz