“ЯШНОБОД” ФУТБОЛЧИЛАРИ “KO’ZTEX” БИЛАН КУЧ СИНАШДИ

Янги мавсумда туманимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилаётган “Яшнобод” футбол клуби аъзолари навбатдаги синов назорат учрашувини ўтказди. Унда яшнободликлар Яккасарой туманининг “KO’ZTEX” жамоасига қарши майдонга тушди.

Пойтахтимизда собиқ “Тўқимачи” стадионида кечган баҳсда “Яшнобод” жамоаси мураббийлар штаби икки бўлимда икки хил таркибни кўрикдан ўтказишди. Шу куни “Яшнобод” футбол клуби машғулотларига ўз вақтида “Қизилқум”, “Андижон”, “Обод” жамоалари шарафини ҳимоя қилган футболчи Тимур Васильев келиб қўшилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур ўртоқлик учрашувида “KO’ZTEX” жамоаси мураббийлари таркибда бир неча нигериялик футболчиларнинг хатти-ҳаракатларини кўздан кечиришди.

Қизиқарли ва шиддатли кечган учрашувда яккасаройликлар ғалаба қозонди — 0:2.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 16 апрелида Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лига учрашувлари бошланади. “Яшнобод” футболчилари илк учрашувни 17 апрелда меҳмонда “Академия” жамоасига қарши ўтказади.

Манба: www.yashnobodnews.uz