ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Яшнобод туманидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицей мажлислар залида туман ҳокими биринчи ўринбосари Нодиржон Ахмеджанов, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Саидкарим Мухторов, туман прокурори Олимжон Азимов билан тадбиркорликка қизиқаётган бир гуруҳ ёшларнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Йиғилишда Яшнобод туман ҳокими биринчи ўринбосари Нодиржон Ахмеджанов сўзга чиқиб, кейинги пайтда юртимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг долзарб вазифаларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Яшнобод туман маҳаллий Кенгаши раиси Фаррух Маҳмудхўжаев “Ёшлар — келажагимиз!” давлат дастури бўйича туманда қилинаётган ишлар, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида ахборот берди.

Тадбирда иштирок этган Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Саидкарим Мухторов сўзга чиқиб, бугунги тадбиркор тўлиқ давлат ҳимоясида эканлигини, улар учун ҳеч бир сунъий тўсиқ мавжуд эмаслигини билдириб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда туманда фаолият олиб бораётган «Artel Engineering and Management» МЧЖ корхонаси вакиллари ҳам иштирок этиб, ҳозирда бу ерда икки юздан ортиқ иш ўрни мавжудлигини маълум қилишди. Коллежларни тамомлаган йигит-қизларнинг ишга таклиф этишди.

Дўстона ва очиқ мулоқот тарзида кечган йиғилишда ўз бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилган йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 

 

 

Манба: www.yashnobodnews.uz