Ўзбекистон — Ҳиндистон: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИ

Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда юртимизда бўлиб турган Ҳиндистондаги “Ўзбекистон — Ҳиндистон” дўстлик жамияти раиси Анил Кумар Шастри раҳбарлигидаги делегация Самарқандда ўтказилаётган анъанавий “Шарқ тароналари — 2019” халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими ва фестивал доирасида ўтган “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатининг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-назарий конференциясида иштирок этди.

Сафар чоғида меҳмонларга Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ҳамроҳлик қилди. Анил Кумар Шастри ва унинг рафиқаси нуфузли анжуманда иштирок этиш билан биргаликда кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг муқаддас қадамжолари, тарихий обидалари, шунингдек, мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди.

— Меҳмонлар билан Самарқандга қилган сафаримиз таассуротларга бой бўлди, — дейди Яшнобод туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов. — Ўзбек ва ҳинд халқлари азалдан дўст ва ҳамкор, маданият ва санъатимиз бир-бирига жуда ҳамоҳанглиги барчага маълум. Икки мамлакат ўртасида фармацевтика, тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва маданият, кадрлар алмашинуви каби соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жаноб Шастри билан бу борадаги муносабатларимизни янада кенгайтириш борасидаги истиқболли лойиҳа ва режаларимизни ўртоқлашдик. Жумладан, бугунги кунда пойтахтимизда ҳинд ишбилармонлари билан кўплаб инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, бир қатор саноат корхоналари иш олиб бормоқда. Яшнобод туманида фаолият олиб бораётган фармацевтика, ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналари ҳам шулар жумласидандир. Келгусида суҳбатдошимиз Ҳиндистон томони қатор соҳаларга инвестиция киритиш ниятида экани, хусусан, янги фармацевтика корхоналарини очиш, кадрлар алмашинуви бўйича қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш, маданият ва санъат йўналишидаги ҳамкорликни кучайтиришни режалаштираётганлигини маълум қилди. Бу эса келажакда халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш билан биргаликда мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янги чўққиларга олиб чиқиши шубҳасиздир.

Шундан сўнг, пойтахтимизга қайтгач, Анил Кумар Шастри раҳбарлигидаги Ҳиндистон делегацияси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қабулида бўлишди.

Самимий ва дўстона муҳитда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

«Ўзбекистон — Ҳиндистон» дўстлик жамияти раиси Анил Кумар Шастри дўстона қабул учун миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни алоҳида қадрлашини маълум қилди. Делегация маданият вакиллари, ишбилармонлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича масъуллардан ташкил топганлигини айтиб, уларнинг ҳар бири ўзаро алоқаларни ривожлантириш бўйича таклиф ва лойиҳалар билан келганлигини қайд қилди.

Учрашувда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жха ҳам иштирок этди.

Манба: www.yashnobodnews.uz