Ҳожиакбар Тиллашайхов — Яшнобод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишни Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши сессияси раиси Содиқ Алимов очди ва олиб борди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Қахрамон Арипов сўзга чиқди ва ташкилий масала юзасидан ўз фикр ҳамда таклифларини билдирди.

2017 йил апрелидан то шу кунгача Яшнобод туман ҳокими вазифасини бажариб келган Дилмурод Раҳматжонович Турдиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Яшнобод тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳожиакбар Камолиддинович Тиллашайхов тайинланди.

Ҳожиакбар Тиллашайхов 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2004 йилда Тошкент кимё технология институти, 2009 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси банк-молия академияси, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Бундан аввал «Ипак йўли» банки Сағбон филиали бошқарувчисининг ўринбосари, 2016-2017 йилларда – Яшнобод тумани ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизматлар соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, 2017-2018 йилларда – Яшнобод тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Оилали, икки нафар фарзанди бор.

Сессияда иштирок этган Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз бир нафар депутати  Яшнобод туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Ҳожиакбар Тиллашайхов номзодини ёқлаб овоз бердилар.

Манба: www.yashnobodnews.uz