ҲОКИМ ТУНГИ САЙРГА ЭМАС, БАЛКИ ИШЛАР НАЗОРАТИГА ЧИҚДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни ободонлаштириш борасида талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Буни рўй бераётган ҳар бир иш самарасидан билиб олиш қийин эмас.

Куни кеча туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов кечки соат 20.00 дан кейин “Ширинобод”, “Маърифат”  маҳаллаларида кузги-қишки мавсум ҳозирлиги бўйича қилинган ишларни кузатиш учун чиқди. Раҳбар тумандаги айрим тармоқлар мутасаддилари ҳамроҳлигида Боку, Қашқадарё ҳамда Орзуманд кўчаларида амалга оширилган ободонлаштириш юмушлари сифатини кўздан кечирди.

Жумладан, мазкур ҳудуддаги ички йўлларда олиб борилган таъмирлаш, асфальт ётқизиш ишларини кузатар экан, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларга эътибор қаратди. Айниқса, айрим жойларда алмаштирилган электр устунларида ишлар ҳалигача ниҳоясига етказилмаганлигини, баъзи ўринларда эса тунги ёритиш чироқларини зудлик билан ўрнатиш борасида мутахассисларга топшириқлар берди.

— Туманимиз аҳолиси хоҳ “дом”да, хоҳ ҳовлида яшамасин, улар учун барча қулайликларни яратишга ҳаракат қиламиз, — деди туман раҳбари Хожиакбар Камолиддинович. — Туман ҳокимлиги ва барча тармоқлар мутасаддилари бунинг учун зарур чораларни кўришга доимо тайёр. Мисол учун, охирги икки-уч ой мобайнида анча йиллардан бери эътиборсиз қолган ички йўлларнинг 7000 квадрат метридан зиёд қисмига асфальт ётқизилди. Ҳадемай, ёғин-сочинли кунлар бошланса, энди бу маҳаллаларда аҳоли қийналмайди. Эски симёғочларнинг янгисига алмаштирилгани ҳам ўзига яраша қулайлик туғдиради. “Орзуманд”ликлар учун болажонларнинг ўйнаши учун муаммо бўлган майдонча ҳам барпо этдик. Босқичма-босқич туманимизнинг қолган маҳаллалари муаммоларини ҳам бартараф этиб бораверамиз.

Хожиакбар Тиллашайхов ташрифи чоғида маҳаллаларнинг аҳолиси билан ҳам учрашди. Уларнинг мурожаатлари, фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Дарҳақиқат, маҳаллаларимиз кундан кун чирой очиб бормоқда. Аммо жойларда аҳолининг ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуд озодалиги ва тозалигига бефарқ қараётганлиги ҳам рост. Туман ҳокими бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини қадрлаш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Манба: www.yashnobodnews.uz