52-МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ УЧУН САЁҲАТ УЮШТИРИЛДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 52-сонли ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати ўқувчилари учун Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармаси томонидан пойтахтимиз бўйлаб саёҳат уюштирилди.

— Мазкур таълим даргоҳида жисмоний имконияти чекланган ўғил-қизлар таҳсил олишади, — дейди Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Анвар Мурсақулов. — Уларни бошқалардан кам бўлмасдан замонавий ва сифатли таълим олишлари учун ҳукуматимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ўқувчиларни кайфиятини кўтариш ва билим олишга иштиёқларини ошириш мақсадида пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштиришга қарор қилдик.

 

Режага кўра, махсус мактабнинг ўттиз ўқувчиси ўн нафар ўқитувчи-тарбиячилари ҳамроҳлигида замонавий икки қаватли автобусда шаҳримиз бўйлаб сайр қилдилар. Сайр давомида “Бунёдкор” стадиони ва музейига саёҳат уюштирилди. Шунингдек, ўқувчилар яқиндагина фойдаланишга топширилган муҳташам “Ҳумо” спорт саройига ташриф буюришди ва у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Манба: www.yashnobodnews.uz