“The Independent” Ўзбекистонни саёҳат қилиш зарур бўлган мамлакатлар рўйхатига киритди

Янги йилнинг биринчи куни Британиянинг машҳур “The Independent” интернет-нашрида “2022 йилда саёҳат учун энг яхши жойлар” мақоласи чоп этилди. Ундан ўрин олган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Саёҳатчиларнинг тавсиялари асосида таҳририят келгуси йилда ташриф буюриш учун энг машҳур 10 та мамлакат рўйхатини тузиб чиқди. Бу рўйхатга Канал ороллари, Шимолий Ирландия, Канада, Испания, Италия, Туркия, Миср, Бутан ва Ўзбекистон киритилган.

Туризм бўйича муҳаррир Хелен Коффи Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратиб, маданий ва тарихий жиҳатдан бой Ипак йўлининг марказида жойлашган бу мамлакат “жуда қизиқ” эканини таъкидлаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон бир неча йил аввал Британия паспорти эгалари учун виза талабларини бекор қилган ва Буюк Британия фуқаролари мамлакатда 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин.

Муаллиф Ўзбекистонга саёҳатни режалаштирар экан, китобхонларга жорий йилда ўтказиладиган халқаро фестиваллар ва бошқа йирик маданий тадбирларни ўз жадвалига киритишни маслаҳат беради ва албатта, бу тадбирлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотишини эслатади.

Хивада “Лазги” халқаро рақс фестивали, Мўйноқда “Элемент” электрон мусиқа фестивали, Қўқонда “Лаванда” фестивали, Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Тошкент ва Бухорода “Ипак йўли” адабиёт фестивали, Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро ҳунармандчилик фестивали шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, мақолада келтирилишича, санъат ва меъморчилик ихлосмандлари Ислом цивилизацияси маркази ва реконструкция қилинган Давлат санъат музейининг очилишида ҳам иштирок этишлари мумкин.