Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Политехника касб-ҳунар коллежида бир гуруҳ вояга етган йигит-қизларга вояга етганлик тўғрисида фуқаролик паспортлари тантанали топширилди.
Тантанада Яшнобод туман ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман ички ишлар идораси вакиллари, йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Фуқаролик паспорти ҳар бир инсоннинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлибгина қолмай, чексиз ғурур-ифтихор рамзи ҳамдир. Чунки муайян давлатнинг фуқаролик паспортига эга бўлган одам ўша давлатнинг ҳимоясида бўлади. Жумладан, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимиз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида бўлиши Асосий Қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Тадбирда сўзга чиққан мутасадди ва мутахассислар бунга алоҳида тўхталдилар.
Тантанали маросимда йигирма бир нафар вояга етган йигит-қизга фуқаролик паспортлари топширилди.
Манба: www.yashnobodnews.uz