Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Оазис-Асака” меҳмонхонаси кичик мажлислар залида халқ депутатлари туман Кенгашининг XI сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Яшнобод туман ҳокими вазифасини бажарувчи Хожиакбар Тиллашайхов очди ва яқинда туман ҳокимлиги тизимида амалга оширилган ташкилий масалалар хусусида тўхталди. Унга кўра, туман ҳокими биринчи ўринбосари этиб Нодиржон Ўткиржонович Ахмеджанов, туман ҳокими ўринбосари вазифасига эса Шерзод Миржалилович Зуфаров қайта тайинланганини маълум қилди.
Шундан сўнг, сессия ўз ишини бошлади. Тадбирда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ижроси, бюджетнинг даромадлар базасини ошириш ва янги иш ўринлари барпо этиш бўйича 2018 йилнинг учинчи чоракдаги ижроси тўғрисида Яшнобод туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ахмеджанов ҳисобот берди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича туман ҳокимининг ўринбосари Ш.Зуфаровнинг ҳисоботини тингладилар.
Бундан ташқари сессияда туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 2018 йил учинчи чоракдаги фаолияти юзасидан ТИИОФМ бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Тошкент шаҳри Яшнобод туманини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарори доирасида Яшнобод туманидаги ички йўлларни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари тўғрисида туман ҳокими ўринбосари Ф.Мухиддиновларнинг ҳисоботлари тингланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессия раиси Содиқ Алимов Халқ депутатлари Яшнобод туман кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида маълум қилди. Жумладан, халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши котибияти ташкил этилди. Унга кўра, мазкур котибият раиси этиб, “Миллий тикланиш” партиясидан Халқ депутатлари туман Кенгашига депутат этиб сайланган Эргаш Каримов тайинланди.
Сессияда Яшнобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш, дастурлар ижросини таъминлаш чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир сектор амалга оширган ишлар, шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликлар таҳлил этилиб, тегишли тавсиялар берилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда депутатлар назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Манба: www.yashnobodnews.uz