Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган Тошкент шаҳар аҳоли репродуктив саломатлиги марказида Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати Зулайҳо Камалходжаева ташаббуси билан ёш оила қурувчилар иштирокида ўқув-амалий машғулот ўтказилди.
Тадбирда туман хотин-қизлар қўмитаси, туман бош имом хатиби, шифокорлар ва бошқа мутахассислар иштирок этишди.
Оилаларни мустаҳкамлаш, ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик-педагогик билимини ошириш, оилада соғлом психологик муҳитни таъминлаш, ота-оналар университети раҳбар ва аъзолари масъулиятини кучайтириш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш хусусида фикр алмашилди.
Президентимиз раҳнамолигида оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган “Ёш оила” марказлари фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир.
– Президентимиз раҳнамолигида халқимиз фаровонлигини юксалтириш, оилалар муаммоларини ўрганиш, маънавий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Яшнобод туман ФХДЁ бўлими мудири, туман Кенгаши депутати З.Камалходжаева. – Айниқса, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, бу ишларни оила муҳитида ва таълимнинг барча босқичларида амалга ошириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Ёш оила” марказларига асосан оила қуриш ва никоҳини қайд этиш истагида бўлган йигит-қизлар мурожаат этмоқда. Улар бу ерда ота-онасига, устоз-ўқитувчисига айта олмаган муаммоларини бемалол айтади. Улар билан малакали ҳуқуқшунослар, психологлар ишлайди. Ташкил топаётган ҳар бир янги оиладаги маънавий муҳит соғлом бўлишига эришиш бизнинг асосий вазифамиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Халқимиз болажонлиги, оилапарварлиги билан машҳур. Болага нафақат меҳр беради, балки ёшлигидан ахлоқ-одоб, маънавият асосида тарбиялашга интилади. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.
Тадбирда эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, ёшларни турмушга тайёрлаш, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, ёш авлодни ҳозирги глобаллашув даврида миллийлигимизга ёт ғоя ва мафкуралардан асраш хусусида фикр алмашилди.
Юртимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Манба: www.yashnobodnews.uz