Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ҳокими Тиллашайхов Хожиакбар Камолитдиновичнинг ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТИ

Қадрли туманимиз тадбиркорлари!

Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Жумладан, муҳтарам Президентимиз “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди“ деган устувор ғояни илгари сурдилар.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик — бу энг аввало ҳудудни ҳар томонлама ривожланишининг асосий иқтисодий воситаси ва тараққиёт пойдевори ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

Бугундан бошлаб, туман ҳокими бошчилигида барча бўғиндаги раҳбарлар «Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” ғояси асосида сиз тадбиркорлар билан яқиндан туриб, сизлар билан биргаликда юртимизнинг янада равнақ топишида муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.

Маълумки, сўнги вақтларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базаси мустаҳкамлашга эътибор берилаётгани, хусусан, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 55 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилингани соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган кўплаб масалалар ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан:

  • Хорижий валютанинг конвертацияси очилди, мамлакатда валюта эркинлиги либераллаштирилди, нақт пул муаммоси бартараф этилди;
  • Давлат хизматлари агентлиги ва унинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги марказлари ташкил этилиб фаолияти йўлга қўйилди.
  • Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий этилди.
  • Тадбиркорларнинг мурожаатлари билан манзилли ишлаш бўйича жойларда Бош вазир қабулхоналари фаолиятини бошлади.
  • Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
  • Солиқ ислоҳотлари орқали тадбиркорларга солиқ юки камайтирилди, адолатли рақобат муҳити шакллантирилди.

Бунда, тадбиркорлик ва ишбилармонликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш ҳамда тадбиркорларнинг шаффоф ва очиқ фаолият олиб боришлари учун бир қатор солиқ имтиёзлари берилди.

  • Тадбиркорларнинг ҳисоб-рақамларига солиқ органлари томонидан тақиқ қуйиш амалиёти бекор қилинди.

Солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтсак, муболаға бўлмайди.

Бу борада туманимизда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш аҳолининг реал даромадларини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида аҳолининг турли қатламларини, шу жумладан ёшлар, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда кичик корхоналарнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича «Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун йиллик 8% кредит ставкаси миқдорида жами 20,9 млрд.сўм кредит маблағлари аҳолига ажратиб берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармонга мувофиқ, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилган бўлиб, ушбу фонд ҳисобидан Яшнобод туманида 2019 йил давомида жами 15 та хотин-қизларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 625 млн.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Ажратилган кредитлар асосан тикувчилик ва қандолатчилик билан шуғулланиш учун йўналтирилди.

Бундан ташқари. 2019 йил давомида тумандаги тижорат банклари томонидан 9 ой давомида 97 нафар аёлларга 2 миллиард 160  миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Натижада биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида туманда янги ташкил этилган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилга нисбатан 1,4 бараварга кўпаяётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Шу билан бирга, туманимиздаги тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида 2220 та янги иш ўринлари яратилганлиги қувонарли ҳолат.

Туманимизда маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қуйидаги натижаларга эришдик:

2019 йил январ-ноябр ойлари экспорт режаси 29,8 млн.долл. қилиб белгиланган бўлиб, амалда ушбу 108,4% га (32,3 млн.долл.га) бажарилди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаси январ-ноябр ойларида 118,8 млн.долл. қилиб белгиланган бўлиб, амалда ушбу режа 100,9 %га (119,8 млн.долл.) бажарилди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июндаги “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида”ги ПФ-5068-сонли Фармонига мувофиқ, Яшнобод туманида “Яшнобод” инновация технопарки ДУК ташкил этилди.

“Яшнобод” технопарки резидентлари амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бутун фаолият кўрсатиш даврида қуйидагилардан:

ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этиладилар.

Ҳозирги кунда “Яшнобод” технопарки резидентлари 30 тани ташкил қилиб,  улар саноатнинг қурилиш, фармацевтика, медицина, қишлоқ хўжалиги йўналишларида фаолият юритмоқдалар, масалан:

1) “Hilol shams”ХК корхонаси томонидан геперпресланган LECO ғиштлари ишлаб чиқилади.

2) «Mingbaev’s Academy of Robotics» оилавий корхонаси томонидан бионик протез қўл ва оёқлар ишлаб чиқилади.

3) «BAYKAL-KMU»МЧЖ томонидан Байкал ЭМ-1 микробиологик ўғит ишлаб чиқарилади.

Қадрли яшнободликлар!

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, кундалик фаолиятида учраётган муаммоларни Ҳукумат даражасида ҳал этилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари ташкил этилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, туманимизда ўтган давр мобайнида, 1 ноябр ҳолатига кўра жами 34 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, 18 таси (52,94 фоизи) ижобий ҳал этилган, 16 таси (47,06 фоиз)нинг ечимини топиш чоралари кўрилмоқда. Бу мамлакатимизда бугун ҳар бир тадбиркор давлат ҳимоясида эканлигини англатиб турибди.

Азиз тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

Бугунги кунда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сизларнинг ҳам салмоқли ҳиссангиз бор, албатта.

Туманда тадбиркорликни янада ривожлантиришда олдимизга қўйган мақсадимиз қайсидир кўрсаткичларни яхшилаш ёки рақамлар ортидан қувиш эмас, балки, аҳолимизнинг муносиб ва доимий иш ўринлари билан таъминлаш, бюджет тушумларини кўпайтириш, пойтахтимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, товар ва хизматларнинг хилма-хиллиги ва кўламини кўпайтириш орқали туманимизнинг ижтимоий–иқтисодий барқарорлигини янада оширишдан иборат.

Шунга кўра, биз келаси 2020 йилда ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича бир қанча устувор вазифалар белгилаб олганмиз. Ушбу вазифаларни амалга оширишдаги энг устувор йўналишимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдир.

Хусусан, бугунги кунда туманда ўз бизнеси билан иқтисодиётга муносиб улуш қўшиб келаётган салоҳиятли фаол тадбиркорларнинг бой тажрибаларидан унумли фойдаланиш, улар билан ҳамкорликда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадга мувофиқ.

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

Барчамиз бир нарсани англашимиз керакки, сизларнинг ҳар бир лойиҳа ва хайрли ишларингиз туманимиз ҳамда шаҳримизнинг ёрқин келажаги, аҳоли фаровонлигининг кафолатидир.

Сизлар туфайли туманимизда ишсизлик даражаси қисқаради, аҳолининг даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз хонадонида ҳаловат топади.

Мен туман ҳокими сифатида сизларнинг барчангизни туманда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, даромадларингизни кўпайтиришга чақираман. Тадбиркорлик йўналишидаги барча муаммо, тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга кафолат бераман. Ўйлайманки, туманнинг барча ҳудудларида сектор раҳбарлари ҳам сизнинг ёнингизда туриб, сизга яқиндан ва амалий ёрдамларини аямайди. Шуни унутмангки, сиз тадбиркорлар юрт мададкорларисиз! Ва яна бир бор барчангизни фаолиятингизни кенгайтиришга жонажон Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида янада фаол бўлишга, жонбозлик кўрсатишга чақираман!

Бундан буён туман ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари Сизлар учун доимо очиқ. Туман ҳокими ва барча сектор раҳбарлари Сиз ишбилармон соҳа вакилларига яқиндан кўмакчи бўлиб, доимий равишда тадбиркорлик билан боғлиқ ҳар бир масаланинг бизнинг диққат эътиборимизда бўлишига кафолат берамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик ва олижаноб ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов

Манба: www.yashnobodnews.uz