Ёхуд Озодлик радиосининг тарқатган аноним ва ёлғон хабарига муносабат
Куни кеча Озодлик радиосининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “ТОШКЕНТ — “Яшнобод ҳокими ўзбошимчалик билан автотураржой деворини буздирмоқда” сарлавҳали чоп этилди.
Унда «Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳокимнинг ўзбошимчалиги устидан арз қилиб ёзмоқдамиз. Яқинда туман ҳокими Асалобод-1 ҳамда Асалобод-2 кўчаларидаги ободонлаштириш жараёни билан танишиш учун келди. Ҳоким жанобларига нимаси ёқмади, билмадик, аммо ҳе йўқ-бе йўқ қонуний тартибда қурилган ва қўриқланадиган автотураржойимиз деворини бузишга буйруқ берди.
Бир четда жойлашган автотураржой аҳолига ҳам, автоуловлар ҳаракатига ҳам халал бермайди. Қолаверса, қўлимизда ушбу ҳудудни тасарруф этиш бўйича тегишли ҳужжатлар бор. Ҳоким эса ҳужжатларни писанд қилмай, оғзаки буйруқ билан автотураржой деворларини ва ички тўсиқларни бузишни талаб қилмоқда. Бу эса автотураржой қўриқловсиз қолади дегани” деб ёзилади.
Аслида аноним ва номаълум кимсалар томонидан берилган юқоридаги маълумотлар ғирт уйдирма ва ёлғондан иборат эканлигини таъкидлаш лозим. Чунки мазкур кўчмас мулк объекти 2016 йил 1 июндан буён “EPSILON INVEST” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлиб, умумий майдони 3955 метр квадратни ташкил этади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, собиқ иттифоқ даврида дидсизларча бунёд этилган мазкур автотураргоҳда 120 эмас, 116 енгил автомашина учун жой мавжуд. Аммо ҳозирда уларнинг 70 ўрни ҳувиллаб ётибди.
Ачинарлиси, мазкур автотураргоҳдан техника хавфсизлик қоидаларига зид ҳолда ўзбошимчалик ва ноқонуний фойдаланиш оқибатида 2018 йил 31 январь куни ёнғин содир бўлган. Натижада фуқароларнинг саккизта турли русумдаги автомашиналари ёниб кетган ва буткул талофат кўрганди.
— Бугун юртимизда Президентимиз ва давлатимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида барча шарт-шароитлар яратилмоқда, — дейди “EPSILON INVEST” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Суҳбатилло Наримбоев. — Бизнинг бош мақсадимиз — юрт фаровонлиги ва ободлигига озгина бўлса-да ҳисса қўшишдир. Ушбу объектни ўз тасарруфимизга олиб, замонавий автомобиллар турар жойи ва техник хизмат кўрсатиш мажмуаси яратишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Бу борадаги лойиҳа ва режаларимизни туман ҳокимлиги қўллаб-қувватлаётганидан хурсандмиз. Келгусида мазкур ҳудудни обод қилиб, аҳоли учун қулайлик яратилса халқимиз бундан фақат хурсанд бўлиши табиий.
Дарҳақиқат, Озодлик радиоси урғу берган ушбу ҳолат билан яқиндан танишар эканмиз, юқоридаги аноним хабар муаллифи нимани истаётганлигига ақлимиз етмади. Хўш, бугун ташландиқ аҳволга тушиб қолган иншоотни обод қилишнинг нимаси ёмон?! Маълумотларга қараганда, айрим фуқаролар ўзбошимчалик билан 7-8 та автомобиль учун ажратилган (боксер) жойларни эгаллаб олишган. Бундан ташқари баъзилар техника хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузиб, очиқ туриши лозим бўлган автотураржойларни турли жисм ва металлар билан ўраб олишган, буюмлар сақланадиган омборларга айлантиришганлиги ачинарлидир. Улар эса маҳаллий тадбиркорнинг замонавий лойиҳа асосида иш бошлашига тиш-тирноқлари билан қарши чиқиб, бўлган-бўлмаган уйдирмалар билан фаровонлик ва ободонлаштириш ишларига тўғаноқ бўлишмоқда. Натижада, ўнлаб автоуловлар кўпқаватли уйлар орасида қаровсиз қолиб, аҳоли учун ноқулайликлар туғдирмоқда.
— Бугунги кунимиз ҳар биримиздан янгича фикрлаш ва ташаббускорлик кўрсатишни талаб қилмоқда, — дея сўзида давом этади Суҳбатилло Наримбоев. — Туманимиз ҳокими Дилмурод Турдиев бирор марта автотураржойини деворини бузиш ҳақида буйруқ берганлари йўқ. Аксинча, маҳалламизни янада обод қилиш, эски объект ўрнида замонавий автотураржой ва техник хизмат кўрсатиш марказини барпо этиш ишларини тезлаштириш чораларини кўриш лозимлигини уқтирдилар, холос. Бу эса бизнинг кучимизга куч қўшади, албатта. Чунки тартибсизлик ва бепарволик бўлган ерда ўсиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди.
Ҳа, юқоридаги манзилдаги аҳвол билан яқиндан танишарканмиз, фикримиз исботи сифатида суратларга ҳам олдик. Марҳамат, сиз ҳам бир зум тасвирларга диққатингизни қаратинг. Алмисоқдан қолган ва кўримсиз автотураржой ўрнини замонавий ва кўркам иморат эгаллаш фурсати етганлигига ўзингиз ҳам амин бўлишингиз шубҳасиз.
Биз эса фурсатдан фойдаланиб, ўз манфаатини ўйлаган ва жамиятимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган кимсаларни холис бўлишга чақирамиз. Келинг ва қўлингизни беринг — кундан кун чирой очаётган туманимиз, шаҳримиз, қолаверса, мамлакатимизнинг порлоқ келажагини биргаликда яратайлик!
Манба: www.yashnobodnews.uz