Ҳабар берганимиздек, “Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсуми бошланади

2025 йил 1 февралдан “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 1-мавсуми старт олади. Лойиҳалар Ишчи комиссия томонидан қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинади:

— Жамоавий муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиши – йўл таъмири, хиёбон ва болалар майдончалари барпо этиш, ижтимоий объектларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, экологияни яхшилаш, ичимлик ва оқова сув таъминоти, кўча чироқларини ўрнатиш ва бошқа шу каби лойиҳалар.

— Идоравий ёки шахсий хусусиятга эга бўлмаслиги – шахсий автомашина, турар жой, маъмурий бинолар ва хусусий фойдаланиш учун объектлар харидига қаратилмаслиги.

— Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватламаслиги ва пуллик хизмат кўрсатишга мўлжалланмаслиги.

— Давлат ҳокимияти ва органлари биноларини қуриш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлашни ўз ичига олмаслиги.

— Бошқа дастур ёки Ҳукумат топшириқлари асосида молиялаштирилиши белгиланган объект ва ишлардан иборат бўлмаслиги.

— Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 млрд сўмдан ошмаслиги (базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробари).

Муҳим: Бир хил мазмундаги бир нечта лойиҳалар келиб тушган тақдирда, маълумоти тўлиқ кўрсатилган дастлабки киритилган лойиҳа қабул қилинади.

Қўшимча маълумот
Фуқаролар ўз ташаббусларини расмий платформада рўйхатдан ўтказиб, жамоатчилик овоз бериш жараёнида фаол иштирок этишлари лозим. Лойиҳалар жамоатчилик назоратида бўлиб, ғолиб деб топилган лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилади.

Барча ташаббускор фуқароларни жараёнда фаол иштирок этишга чорлаймиз!