Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 7-сонли мусиқа ва санъат мактабида ана шундай шиор остида туман тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан олтита оилавий ҳамда кўптармоқли марказий поликлиника ходимлари ўртасида “Саломатлик мактаби” фаолиятини янада юксалтириш мақсадида кўрик-танлов ўтказилди.
Унда жамоалар бештадан шарт бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ҳар бир жамоа таркибида бош шифокор муовини, умумий амалиёт шифокорлари, бўлим мудирлари, гинекологлар, катта ҳамшира, патронаж ҳамширалар ва доялар тадбирда фаол қатнашдилар.
Жумладан, танловда ҳар бир шарт ўзига хослиги билан йиғилганларнинг эътиборини қозонди. Айниқса, “Саломатлик мактаби”, “Ҳамширанинг уйдаги шахсий кутубхонаси”, “Сардорлар баҳси” сингари шартлар бўйича иштирокчиларнинг чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилинди. Уларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
— Бугунги тадбирдаги фаоллик ва кўтаринки иштиёқни кўриб сизларга ҳавасим келди, — деди кўрик-танлов ҳайъати раиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. — Аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Ишимизга профессионал ёндошишимизда бу каби танловлар жуда қўл келишига ишонаман.
Манба: www.yashnobodnews.uz