ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ ОЛДИДАН ЯНА БИР ҚУЛАЙЛИК

Ҳозирги кунда Яшнобод туманида жисмоний имконияти чекланган ўғил-қизлар таълим оладиган учта махсус мактаб-интернати мавжуд. Уларда 801 нафар ўқувчи таълим-тарбия оляпти.

Жумладан, ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати ҳам туманимизда жойлашган. Янги ўқув йили олдидан мазкур таълим муассасида ҳомий ва бюджет ташкилотлари томонидан катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг унинг қарийб 1 миллиард сўмлик маблағ сарфланди.

Яшнобод туман прокуратураси ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан ишларни самарали ва сифатли йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилди. Бу ерда кўзи ожиз ўқувчиларга барча қулайликларга эга сунъий қопламали замонавий футбол майдони, йиғилиш ва тадбирлар штказиш учун мослаштирилган платц-майдони қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, мактаб-интернатининг ошхонаси, фаоллар ва спорт заллари, ётоқхона ва ҳожатхоналари капитал таъмирланди. Табиий яшил майсалар ётқизилиб, мактаб ҳудуди кўкаламзорлаштирилди. Электр ёритиш мосламалари ҳамда турли ўриндиқлар ўрнатилди. Йўлакларга асфальт ётқизилиб ободонлаштирилди.

  • Мактаб-интернат ўқувчиларига ёзги спорт кийимлари, тарихий аждодларимиз қолдирган бой меросни тарғиб қилувчи видео тасмалар, шахсий гигиеник воситалар, спорт анжомлари совға қилинди, — дейди туман прокурори Олимжон Азимов. — Бундан ташқари мактаб кутубхонасига иккита замонавий компьютер жамланмаси топширилиб, Миллий кутубхона электрон базасига уланди.

Дарҳақиқат, янги 2018/2019 йилги ўқув йилини таълим даргоҳи жамоаси ўзига хос тантана ва шукуҳ билан бошлашди. Биринчи қўнғироқ муносабати билан байрам тантанаси уюштирилди. Тадбирда мактаб жамоасидан ташқари туман ҳокими Ҳ.Тиллашайхов, Тошкент шаҳар прокурори Ш.Облақулов, шаҳар Халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Мамажонов ҳамда бошқалар иштирок этди.

 


Манба: www.yashnobodnews.uz