“ДИЛБОҒ” КУНДАН КУН ЧИРОЙ ОЧМОҚДА

Хабарингиз бор, айни кунларда Яшнобод туманида маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, режага кўра, амалдаги йилда “Обод маҳалла” давлат дастурига мувофиқ тумандаги “Дилбоғ”, “Фидойилар”, “Жўрабек” ҳамда “Катта Қўйлиқобод” маҳаллаларида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари давом эттириляпти.

Шу кунларда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Хожиакбар Тиллашайхов раҳбарлигидаги  1-сектор тасарруфидаги “Дилбоғ” маҳалласида кўп қаватли уйларни жорий таъмирлаш ва реконструкция қилиш юмушлари поёнига етказилаётир. Ноқонуний иморатлар, гаражлар бузилиб, ҳудудлар кўкаламзорлаштирилиб ободонлаштирилди. Кўп қаватли уйлар олдиларида болалар майдончалари, замонавий автотураргоҳлар барпо этилгани айниқса қувонарлидир.

Куни кеча “Дилбоғ” маҳалласи ички йўлларига қайта асфальт ётқизилгани аҳолини янада хурсанд қилгани шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, бугун кундан кун чирой очаётган “Дилбоғ” маҳалласига ташриф буюрган ҳар бир кишининг ўзгаришларни кўриб янада дили яйрайди.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири, бир неча кундан сўнг, мазкур маҳаллада янги замонавий маҳалла гузари ҳам фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Айни кунларда мазкур бинода пардозлаш ишлари охирига етказилмоқда.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz