“ЯШНОБОД” ЖАМОАСИ SHAFAK TEXTILE БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил топган “Яшнобод” жамоаси амалдаги йилда Ўзбекистон миллий чемпионати ПРО лигасида ўз дебют мавсумини ўтказмоқда.

Айни пайтда туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайховнинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур футбол клуби инфратузилмасини яратиш борасида бир қатор истиқболли лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Аввалроқ туман ҳокимлиги томонидан Оҳангарон шоҳ кўчаси, аниқроғи янги барпо этилаётган “Оҳангарон” метро бекати яқинида “Яшнобод” профессионал футбол клуби учун замонавий стадион ва спорт қароргоҳи қуриш учун ер ажратилганлигини хабар қилгандик. Янги иншоотни дунёга машҳур Туркиянинг HATKO компанияси вакиллари бунёд этиши борасида келишувга эришилган эди.

Куни кеча “Яшнобод” профессионал футбол клуби раҳбарияти Ўзбекистон — Туркия қўшма корхонаси “SHAFAK TEXTILE” МЧЖ билан ҳамкорлик борасида келишиб олди.

— “Яшнобод” профессионал футбол клуби ҳамда корхонамиз ўртасида ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлишига ишонаман, — дейди “SHAFAK TEXTILE” ҚК МЧЖ раҳбари Шафак Акчакара. — Корхонамиз бренди нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда ҳам кўпчиликка яхши таниш. “SHAFAK TEXTILE”нинг футболчилар эгнидаги либосларда кўришдан жуда мамнунмиз, албатта.

Ҳозирда “Яшнобод” футболчилари тумандаги 198-сонли умумий ўрта таълим мактаби стадионида машғулотлар олиб боришаётган бўлса, уй учрашувларини пойтахтимизнинг “Яккасарой” спорт мажмуасида ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Яшнобод” футболчилари “В” ПРО лигаси 24-турида сафарда пешқадам Яйпаннинг “Турон” жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу ўйин 15 октябрь куни бўлиб ўтади.

Манба: www.yashnobodnews.uz