Давлатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Айниқса, ёшларимиз ватанпарварлик, Ватанга садоқат руҳида тарбия топиб, уларнинг камолга эришишига хизмат қилаётган бу байрамни ўзгача шукуҳ билан қарши олмоқда.
Жумладан, пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Мирзо Улуғбек ҳамда Махтумқули кўчалари кесишган майдонда қад ростлаган байроғимиз атрофида туман ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Яшнобод туман бўлими томонидан байрам шодиёналари уюштирилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил Наврўз байрами арафасида мазкур ҳудудда “Наврўз” номли сайилгоҳ очилган. Миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган ушбу сайилгоҳда шаҳар аҳолисининг мароқли сайр қилиши учун барча шароитлар яратилганди. Бу ерда wi-fi зоналар, ўриндиқлар, диаметри 20 метр бўлган мусиқали, рангли фаввора, махсус китоб жавонлари ўрин олган.
Шунингдек, сайилгоҳ ҳудудида майин шамол билан Ватанимиз тинчлигини тараннум этаётган 57 метр баландликдаги давлатимиз байроғи ҳам ҳилпираб турибди. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мазкур маҳобатли устундаги байроқнинг бўйи 7,5, эни эса 14 метрни ташкил этади.
Манба: www.yashnobodnews.uz