Яшнобод туманидаги «Ишга марҳамат» Мономарказида туман ҳокими Бахтиёр Рахманкулов ҳамда Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларини олдини олиш, аёлларнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш бўйича гапирилди.
Тошкент шаҳар Репродуктив саломатлик маркази ходими Камола Абдумўминова соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатлик ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.
Мазкур анжуманда қатнашган тумандаги маҳалла хотин-қизлар фаоллари, ўқувчи-ёшлар эътиборига бир қанча видеороликлар намойиш этилди.
Тадбирда сўз олган Бош вазир ўринбосари аёллар саломатлигига оид мазкур тарғибот ишларида шифокор-мутахассислар, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, шунингдек, тумандаги Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази ходимларини ўзаро ҳамкорликка чорлади.