Куни кеча Яшнобод тумани Корея маданият марказининг мажлислар залида давлат идоралари масъуллари, МФЙ раислари, Ёшлар етакчилари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” деб номланган тадбирда аҳолининг, айниқса ёшларимизнинг турли радикал оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида муҳим тавсиялар берилди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларимизнинг бундай зарарли одатлардан сақлашда маънавий иммунитети ҳар қачонгиданда юксакроқ бўлишини, ва уларни бу иллатлардан сақлашда нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки шу юртнинг барча фуқаролари ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирда маърузачилар томонидан диний экстремизм ва терроризм, маънавий таҳдидлар каби салбий иллатлар ва унинг зарарли оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди ва бугунги кунда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Униб-ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай фаровон кунларимизнинг қадрига етишга, тинчликни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ўргатишимиз зарур. Айниқса, ота-оналар фарзандларининг юриш-туриши, улар руҳиятида кузатилаётган салбий ўзгаришларга бепарво бўлмаслиги шарт.
Ушбу мавзудаги тарғибот тадбирлари тумандаги барча корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда ўтказилади.