КИТОБ — ЭНГ ЯХШИ ДЎСТ, САДОҚАТЛИ ҲАМРОҲ

Ёшларимиз орасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, ташкилий-амалий ишларни замон талаблари даражасида олиб бориш, бу масалага кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, шаҳар ва туман кенгашларига сайланган депутатлар ҳам бу борада ташаббус кўрсатиб, амалий ҳаракатлар қилаётгани эътиборлидир.

Халқ депутатлари Яшнобод туман кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Акмал Рўзитоев ташаббуси билан партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши «Аёллар қаноти», “Турон” кутубхонаси ҳамкорлигида тумандаги 206-мактабда «Китоб сеҳри» номли билимлар беллашуви бўлиб ўтди. Беллашувда мактабнинг 8-9 синфи ўқувчилари таништирув, деворий газетани шарҳлаб бериш, шахсий китоб жавони, саҳна кўринишлари бўйича баҳслашдилар.

— Инсон ҳар томонлама етук камол топишининг энг муҳим ва асосий омилларидан бири китобга дўст бўлиш, китоб мутолааси билан мунтазам шуғулланишдир, — дейди депутат А.Рўзитоев. — Китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка чорлайди. Бугун 206-мактабда ўтказилган ушбу тадбир ҳам ёшларимиз орасида китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тадбир якунида билимлар беллашуви ғолиблари Яшнобод туман кенгаши депутати томонидан муносиб тақдирланди. Депутат шу куни “Халқаро мактаб кутубхоналари куни” муносабати билан таълим даргоҳининг кутубхонаси бугунги ҳолати билан ҳам танишди ва ўзининг шахсий жавонидан китоблар тўпламини совға қилди.

Раъно Юсупова,

ЎзМТДП Яшнобод туман кенгаши етакчи мутахассиси.