Футбол бўйича Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лигасида туманимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Яшнобод” жамоаси ўз олдига ПРО лига йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини мақсад қилиб қўйган.
Мусобақанинг “В” гуруҳида иштирок этаётган яшнободликлар иккинчи давра баҳсларини ҳам кўтаринки руҳда давом эттиришмоқда. Аввалига 28 августда ўз майдонида Сергелининг LSF жамоасини қабул қилиб 7:0 ҳисобида зафар қучган “Яшнобод” футболчилари 4 сентябрь куни Мирзо Улуғбек туманида “Автомобилист” вакиллари меҳмони бўлди. Мазкур учрашувда Азиз Файзиев шогирдлари катта устунликка эга бўлишди. Бироқ буни таблодаги ҳисобда акс эттиришнинг уддасидан чиқа олишмади. Аксига олиб учрашув бош ҳаками “Яшнобод” футболчилари киритган соф голни ҳам инобатга олишмади. Шунга қарамай ҳужумкорликни бир зум бўлса-да, сусайтирмаган футболчиларимиз 86-дақиқада ўйинда ҳисобни очишди ва учрашув охиригача ҳисобни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқдилар.
11 сентябрь куни чемппионатнинг гуруҳ босқичи 13-тур доирасидаги ўйинлар ўтказилди. Унда яшнободликлар ўз майдонида “Бунёдкор-Б” жамоасига қарши майдонга тушдилар. Бу гал ҳам юқоридаги вазият содир бўлди. “Яшнобод” жамоаси аъзолари жуда кўплаб голли вазиятларни юзага келтиришган бўлса-да, афсуски улардан унумли фойдалана олишмади.
Биринчи бўлимда Аббос Саидкаримов томонидан киритилган ягона гол яшнободликларга муҳим уч очкони тақдим этди — 1:0.
Тақвимга кўра, кейинги тур ўйинлари 18 сентябрь куни бўлиб ўтади. Унда “Яшнобод” футболчилари “Старт” жамоаси меҳмони бўлишади.
Манба: www.yashnobodnews.uz