НАВРЎЗИ ОЛАМ ШОДИЁНАЛАРИ ДАВОМ ЭТАДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида умумхалқ байрами — Наврўзи олам зўр тантаналар билан нишонланмоқда.

Наврўз байрами муносабати билан Яшнобод туманида “Наврўз” номли сайилгоҳ очилди. Миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган ушбу сайилгоҳда шаҳар аҳолисининг мароқли сайр қилиши учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда wi-fi зоналар, ўриндиқлар, диаметри 20 метр бўлган мусиқали, рангли фаввора, махсус китоб жавонлари ўрин олган.

Шунингдек, сайилгоҳ ҳудудида майин шамол билан Ватанимиз тинчлигини тараннум этаётган 57 метр баландликдаги байроғимиз ҳам ҳилпираб турибди. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мазкур маҳобатли устундаги байроқнинг бўйи 7,5, эни эса 14 метрни ташкил этади.

Келгусида яшнободликлар ҳамда шаҳримиз меҳмонларининг кўркам ва шинам масканига айланадиган “Наврўз” сайилгоҳи Саноатқурилишбанк АТБнинг Тошкент шаҳар филиали хомийлигида қисқа фурсатда барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача ўтган йили пойтахтимизнинг Халқлар дўстлиги майдонида баландлиги 65 метр бўлган устунга шундай улкан байроқ ўрнатилганди.


Манба: www.yashnobodnews.uz