Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Яшнобод политехника касб-ҳунар коллежида жойлашган “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури ижросини таъминлаш штабида “Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши, Ички ишлар, тиббиёт, прокуратура, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, бандликка кўмаклашувчи марказ мутахассислари, ота-оналар ва вояга етмаган ўғил-қизлар иштирок этди.
Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Абраров очди ва олиб борди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар мамлакатимизда оиланинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги нуфузини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ҳордиқ чиқариши, ўз кучи, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит яратилган.
Бугунги мураккаб даврда баркамол авлодни тарбиялаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурида ҳам ёшларнинг замонавий билим олиши, ҳуқуқий маданияти, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камолга етаётган ёшларда мамлакатимиз тараққиёти ва эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучли бўлади.
Ҳозирда лицей ва коллеж битирувчиларининг кўпчилиги олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларга ҳозирлик кўраётган бўлса, баъзилари ўқиган касб-ҳунар коллежларида ўрганган касб-корлари бўйича иш фаолиятларини бошлаб юборишди. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг баъзилари ёзги таътилни болалар соғломлаштириш оромгоҳларида, бошқалари эса ота-оналари бағрида ўтказишмоқда.
Лекин шундай вояга етмаган болалар ҳам борки, ҳуқуқбузарлик, дарсларни мунтазам қолдириш, фанларни ўзлаштирмасликлари туфайли ёзги таътилда ҳам доимий назоратда турибди. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Ишчи гуруҳларнинг хулосасига кўра аниқланган эллик нафарга яқин ўғил-қиз ва уларнинг ота-оналар мазкур семинарга таклиф этилди. Улар учун махсус видео фильм намойиш этиб берилди.
Тадбир сўнггида тарбияси оғир болалардан йигирма бир нафарига ёзги соғломлаштириш оромгоҳига йўлланмалар берилган бўлса, яна йигирма нафар ўғил-қизга “Янгиобод” сузиш ҳавзасига текин йўлланмалар тақдим этилди.
Манба: www.yashnobodnews.uz