Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Авиасозлар” маданият саройида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Туман ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида уюштирилган тантанага умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларининг фидоий устоз ҳамда мураббийлари, соҳа фахрийлари таклиф этилди.
Тантанани туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева очди ва барчани умумхалқ байрами — 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклади.
Шундан сўнг, туман ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаров Яшнобод туман ҳокими вазифасини бажарувчи Хожиакбар Тиллашайховнинг байрам муносабати билан ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбир иштирокчилари табрикни олқишлар билан қаршиладилар. Сўнгра байрам учун тайёрланган бадиий ва маърифий дастур намойиш қилинди. Туманда фаолият олиб бораётган мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази аъзолари томонидан тайёрланган дилрабо-куй қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Байрамда бугунги кунда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларга пухта билим бериш, ўқиб, изланишга бўлган иштиёқини кучайтириш борасида самарали ва ҳалол меҳнат қилаётган, ўқитиш жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этишга интилаётган педагоглар, устоз ва мураббийларга туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими ҳамда бир қатор хомий ва ҳамкор ташкилотларнинг махсус дипломлари, эсдалик совғалари топширилди.
Тантанада ёшларга кўрсатилаётган чексиз эътиборни, устозлик касбини, жонажон Ўзбекистонимиз, тинч ва осойишта, бахтиёр кунларимиз, ўғил-қизлар истиқболини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради ва йиғилганларда катта таассуротлар қолдирди.
Манба: www.yashnobodnews.uz