ЯШНОБОДЛИКЛАР — “ЭНГ ИНТИЗОМЛИ ОИЛА” СОВРИНИГА САЗОВОР БЎЛДИ

Куни кеча пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Бобур” номидаги экобоғда “Соғлом оилани шакллантиришда аёлларнинг ўрни” мавзуида спорт-соғломлаштириш тадбири бўлиб ўтди.

Соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ҳаётга татбиқ этиш, хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш орқали оналар соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказишга ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилган мазкур тадбир чинакам спорт байрами тусини олди. Унда пойтахтимиз туманларидан ўнлаб оилалар ўз чиқишларини намойиш этди.

Тадбирда туманимиз шарафини ҳимоя қилган Юлия ва Данил Сафинлар оиласи муносиб иштирок этиб, танловнинг “Энг интизомли оила” номинацияси совриндори бўлди.

Танлов ғолиб ва совриндорлари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар ташкилоти Аҳолишунослик жамғармасининг вакили (UNFPA) Миеко Ябута иштирок этдилар.

Манба: www.yashnobodnews.uz