ЁШЛАР — КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида жорий йилнинг 4 июль куни ўтказилган ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар билан ишлашда ҳали камчиликлар кўплиги, ички ишлар органлари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг бу борадаги ишлари ҳали кўнгилдагидек эмаслиги қайд этилиб, тегишли вазирлик ва идораларга ёшларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишини олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин камайтириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. 

Йиғилишда, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ижросини таъминлаш долзарб вазифа эканлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, ҳар бир ёш жамиятда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Хусусан, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувлар амалиётга жорий этилмоқда. Мамлакатимизда 30 июнь Ёшлар куни сифатида биринчи марта кенг нишонланди.

Аммо ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд. Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини “кўз-кўз” қилишга ўхшаб қолаяпти. Жойлардаги 4 сектор раҳбарларининг аксарияти ҳали ёшлар масаласи билан фаол шуғулланмаяпти. Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг бу борадаги ишлари қониқарсиз. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари жонбозлик кўрсатаяпти, деб бўлмайди.

Шу муносабат билан айни пайтда Яшнобод туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман маҳаллий Кенгаши ҳамкорлигида “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан Яшнобод туман штаби фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур штаб тумандаги Яшнобод политехника касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган. Штаб таркибидан Ёшлар иттифоқи туман маҳаллий Кенгаши, ички ишлар, прокуратура, халқ таълими, банклар, тиббиёт мутахассислари тумандаги ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш, қаровсизлик ва назоратсизликнинг олдини олиш, улар иштирокида тадбиркорликни ривожлантириш каби муҳим вазифалар устида астойдил иш олиб боришмоқда. Яшнободлик ёшларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишлари учун истиқболли лойиҳа ва режалар устида ишлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Манба: www.yashnobodnews.uz